БАДИИЙ АСАРДА ТАРИХИЙ ҲАҚИҚАТНИНГ АКС ЭТТИРИЛИШИ

Гулноз Сатторова Юнусовна

ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти

ва фольклори институти

катта илмий ходими,

Калит сўзлар: тарих, тил, маданият, отабеклар, Аламут, Бош Дада, дин, фалсафа.

Тарихий воқеа-ҳодисаларни тасвирлаш ёзувчидан катта маҳорат талаб этади. Ҳаққонийлик, изчиллик, воқеликни ҳужжат ва манбалар асосида тасвирлаш ёзувчи олдига қўйилган асосий талаблардан биридир. Аммо тарихчилар билан ижодкорларнинг тарихий факт ва материалларга муносабатлари турлича бўлиши табиий.

Тарихий бадиий асар яратишда ёзувчи меҳнати тарихчи олимникига қараганда масъулиятлироқдир. Агар тарихчини, асосан, муҳим тарихий воқеанинг моҳияти, мазмуни қизиқтирса, ижодкор ҳар бир кичик деталнинг ҳаққонийлиги борасида ҳам жавобгар. Тарихчи бўлиб ўтган воқеа-ҳодисалар, кўрганларини, билганларини холис, ҳаққонийлик билан фактик ҳужжатлар асосида акс эттиради. Ижодкор эса тарихий фактларга таянса ҳам, барибир, асарда янги бир олам яратади, бу олам ижодкор бадиий тафаккури маҳсули бўлиб, унга ўз баҳосини беради. Юнус Ўғуз барча тарихий асарларида мана шу принципга амал қилади.

Асарлари  китобхонлар орасида қўлма-қўл бўлиб ўқилаётган, ўзбек халқининг севимли ёзувчилари қаторидан жой олган ижодкорлардан бири Озарбайжоннинг таниқли ёзувчиси Юнус Ўғуздир. Унинг  40 дан зиёд асари 20 дан ошиқ мамлакатда нашр қилингани адабиёт ихлосманларига яхши маълум. Хусусан, адибнинг "Аттила", "Нодиршоҳ", "Шоҳ Таҳмосиб", "Турк тарихига янгича назар", "Қадимги Онадўли ва Озарбайжон турклари" каби асарлари муаллифга шуҳрат келтирган. У нафақат Озарбайжон, балки турк оламида эътироф қозонганини таъкидлашни истардим.

Ёзувчининг "Амир Темур", "Малика ва жодугар", "Султон Алп Арслон" асарлари аллақачон ўзбек китобхонларига яхши таниш. "Отабек Элденгиз"эса - ёзувчи Юнус Ўғузнинг ўзбек тилида чоп этилган тўртинчи романидир. "Ҳозирга қадар туркий халқлар тарихига оид бир қатор романларим чоп этилди. Тарихий мавзуга кўп мурожаат қилишимнинг боиси бор: асарларим орқали туркий халқларнинг дунё тамаддунидаги беқиёс ўрнини кўрсатиб беришни хоҳлайман", - дейди ёзувчи  биз билан суҳбатда.

Дарҳақиқат, адибнинг асарлари, асосан, тарихий мавзуларда. "Амир Темур" романи бугунгача ўзбек соҳибқирони ҳақида ёзилган асарларнинг энг сараларидан дея эътироф этилди. Романда буюк саркарда Амир Темур ҳаётининг биринчи ярми тасвирланади ва унинг Ҳиндистонга юриши билан якунланади. Асарда Амир Темурнинг шахси, у олиб борган сиёсат,  саркардалик тактикаси аниқ фактик материаллар асосида кўрсатиб берилган.
Асар этнографик материаллар ва тарихий манбаларга бой. Ёзувчининг  ўзи асар  ҳақида шундай дейди: "Бошқа туркий миллатлар қатори ўзбек халқи ҳам дунё цивилизациясига ўлкан ҳисса қўшган, буюк тарих яратган. Мен ўзбекларнинг тарихини ўз тарихим деб биламан. Улуғ саркарда ва ҳукмдор Амир Темур ҳақидаги романим ўзбек халқининг шонли тарихига эҳтиромим ифодасидир". Асарда Амир Темур турк оламининг сўнгги императори сифатида нафақат Марказий Осиё ёки Усмонийлар империяси мамлакатлари, балки Россия ва Европа учун қизиқарли бир шахс сифатида тасвирланади. Асарнинг муваффақияти шундаки,  муаллиф Амир Темурни бўямасдан, камчиликлари ва олийжаноб инсоний сифатлари билан тасвирлашга уринади.

"Малика ва жодугар" романида эса Озарбайжон тарихининг энг мураккаб палласи - Сафавийлар давлати инқирозига оид воқеалар қаламга олинган. Муаллиф Мозандарон маликаси Хайринисонинг кечмиши орқали сафавийлар сулоласининг инқирози, сарой фитналари, адолат ва эътиқод йўлидаги курашларни очиб берган. Асарда тарихий ҳақиқат ва бадиий тўқимани маҳорат билан уйғунлаштира олган.

Юнус Ўғуз асаларига эътибор берсангиз  тарихий шахслар ва императорлар  унинг бош қаҳрамонлари. Уларнинг ҳаёти жуда қизиқдир, чунки улар у ёки бу халқнинг тақдирини ҳал этиб келган, уларни йўқ қилиб юборишлари мумкин бўлган шахслардир.

Адибнинг ўзбек тилига таржима қилинган навбатдаги асари "Отабек Элденгиз" романидир. Асар Шамсиддин Элденгиз ва унинг отабеклар давлатига асос солганлиги воқеалари асосига қурилган. Асарда барча туркий халқлар учун қадрият саналиб келинган, аммо бугунги кунда унутилаётган миллий қадриятлар, ўтмиш ва келажак ўртасидаги узвийликни таъминловчи урф одат ва анъаналар ва тарихнинг бизга маълум ва ноъмалум қирралари қаламга олинади.

Асарда 1118 йилдан-187 йилгача Озарбайжонда бўлган тарихий воқеалар асос қилиб олинган. Аввало, роман ўз композицион хусусияти билан ўқувчи диққатини тортади. Асар қадим фольклор асарларидаги ҳикоя ичида ҳикоя усулида ёзилган. Унда ҳикоячи сифатида Бош Дада образи берилиб, бу обзаз мантиқий асос сифатида ота, ўғил, невара, эвара ва дувара каби образларни ўз атрофида мужассамлаштиради.  Бош Дада бу муаллиф образи бўлиб, адибнинг тарих, фалсафа, ислом илми, ҳаётий қадриятлар ҳақидаги қарашлари унга сингдирилган. Асар Дарбанддаги қулбозори  воқеалари билан бошланиб, муаллиф бунга ҳам алоҳида фалсафий маъно юклайди. Аслида ҳаётнинг ўзи бир БОЗОР. Бозорда ким нима олади, қанча олади, қандай олади бу ўзига хос фалсафа. Қул бозорига келган Абу Тинчтош асарда Оллоҳ томонидан иноят қилинган умр давомида ҳар кимнинг ҳаёт фалсафасини яратиши ўз қўлида эканлигини англатувчи восита сифатида берилади. Асар бош қаҳрамони  бола Шамсиддиннинг 1136 йилда давлатчиликка асос солиб,  Отабек Элденгиз даражасига бўлган даври тарихий фактлар асосида бадиий талқин қилиниб, мусулмонлар ўртасидаги уруш ва низолар қаламга олинади. Мавжуд ижтимоий тузумнинг  маданият ва санъатнинг тўхтаб қолишига сабаб бўлганлиги, Салжуқийлар давлатининг пороканда бўлиши асарда аниқ фактлар асосида тасвирланади.  Муғуллар босқини давридаги халқнинг оғир аҳволини юмшатиш ўрнига туркий султонларнинг ўзаро тож тахт талашлари, Аламут қалъасидаги Ҳасан Саббоҳ асос солган ҳашшошийлар ҳаракати, мусулмонлар ўртасидаги тож тахт талашлари, муғуллар истеълоси каби  ҳодисаларнинг ҳеч бири ёзувчи назаридан четда қолмаган.

Юнус Ўғузнинг бу асарни яратишдаги маҳорати шундаки, у воқеаларни донишманд Бош Дада тафаккури орқали баён қилади. Бош Дада файласуф, диншунос, тарихшунос, тилшунос сифатида ўқувчи кўз ўнгида гавдаланади. Унинг энг буюк орзуси авлодларга кимлиги ҳақидаги ҳақиқатни англатиш. Бу ҳақиқатни англаш учун эса инсон 7 авлодини билиши керак. Бош Дада характерини очиш учун эвара образи берилади. Эваранинг тарихга бўлган қизиқишлари, унинг бобосига берган саволлари асарда  очқич вазифасини ўтайди. Берилган саволларнинг барчаси мантиқий ва давомли. Асарда Ботин ва ботил илми ҳақида сўз боради. Асл мантиқ ана шу икки сўзнинг маъносини англашдан бошланади. Ботин ва ботил илмларини эварага англатишда Қуръонга мурожаат қилиб, Мусо алайҳиссалом ва ҳазрати Хизр ҳикоясидан ўринли фойдаланади. Бир қарашда бироз содда, мантиқан мураккаб бўлган эвара образи Шамсиддин Элденгизнинг ёшлиги эканлигини англаш мумкин. Ўзларини ботинийлар деб атаган ҳашшошийлар ҳаракатини кўрган эварага Бош Дада масала моҳиятини шундай тушунтиради "Ҳашшошийлар ўзларини ботинлар деб атайдилар. Бизнинг илмимиз уларнинг ботинидан нимаси билан фарқ қилади?.. Ботинларнинг қуроли ханжар. Улар одам ўлдириш, таҳтид солишдан бошқа нарсани  билишмайди.... фикр юритиш улар учун ёт тушунча, улар фақат ижрочи холос. Улар фақат буйруқни бажаришни биладилар. Бизнинг қуролимиз эса сўз билан қалам. Дунёда сўздан қудратли ва қийматли нима бор". Мана шу биргина фикр ёзувчининг маърифат ва жаҳолат ўртасидаги абадий кураш фалсафасини англатади, назаримизда.

Асардаги асл ғоя ТУРКИЙ деган умумманфаат йўлидаги курашдир. Ёзувчи  бу манфаатга етишиш йўлларини бадиий образларга сингдиради. Умумманфаати йўлида курашиш учун аввало инсоннинг МЕНи мавжуд бўлиши лозим. Асарда ана шу МЕН тушунчаси Отабек Элденгиз образи орқали тасвир этилган. Ва бу МЕНни асло манманлик эмас, ўзликни англаш сифатида баҳолаш мумкин. Инсон менининг шаклланишида унинг кичик бир мамлакати-оиласи бутун бўлиши лозим. Оила бутунлиги ва хотиржамлиги кўп муваффақиятларнинг асоси бўлиб хизмат қилади. Отабек Элденгизнинг муваффақиятлари йўлида унинг донишманд рафиқаси Мўмина Хотун образи ёнма -ён берилади. Ёзувчи асарда Отабек Элденгизнинг характерини очишда учта образдан унумли фойдаланади. Бош Дада-эвара-Мўмина Хотун.  Эвара қаҳрамоннинг беғуборлиги, яъни авлодга мурғаклигида қандай тарбия берсанг келажакда унинг мевасини кўрасан. Иккинчи образ, Мўмина Хотун-авлоднинг тозалиги, поклигига ишора. Бош Дада эса пок авлоднинг давомийлиги, буюк эътиқодини англатади. Бу буюкликни бутун дунё тарихидаги ўрнини кўрсатиш учун Шамсиддин Элденгизнинг Отабеклик даражасига кўтарилган ҳаёт йўли тарихий-адабий нуқтаи назаридан бадиий тасвир этилади. Асарда бадиий тўқима билан тарихий ҳақиқат бир-бирини тўлдириб, муаллиф ғоясини очишга хизмат қилади.

Ёзувчи асарда халқ мақоллари, ривоят ва афсоналаридан ўрни билан унумли фойдаланади.  "Дадақурқут Китоби"дан парчалар келтиради.  Фикрларини асослаш, далиллаш мақсадида қадим ёзма ёдгорликларимизга мурожаат қилади. Масалан, асарнинг элликдан ортиқ ўрнида "Девону луғатит -турк"дан мақоллар келтиради. Жумладан, .  "Ya­xa­sı­na tö­kü­lən yemə­yi ya­la­maq­la əl­lə­şən əlin­də­ki çöm­çə-ça­ta­ğı da iti­rər." "Ўзингга эҳтиёт бўл, қўшнингни ўғри тутма", "Шошган қиз эрга ёлчимайди". "Нон синдирилдими, бу яхшиликдан дарак. Адоват излашга ўрин қолмайди" каби мақол ва бир қанча афоризмларни учратамиз. Келтирилган ҳар бир мақол нафақат муаллиф фикрларини далиллайди, айни пайтда асарнинг бадиий эстетик қимматини оширади.

Адибнинг Ватан  ҳақидаги туйғулари асарда айрича ифодаланади. У  Метихон ҳақидаги афсонани келтираркан, ўз ҳисларини шу афсона қатига сингдиради. Бу афсона Отабек Элденгизнинг бувисидан эшитган ёшлик  хотиралари орқали тасвирланаркан, китобхон англайдики, инсонга Ватан туйғуси унинг болалигидан сингдирилиши керак. Қуллик давридан бутун бошли бир салтанатнинг асосчиси бўлган бу қаҳрамоннинг юрагида  бировларнинг ватанига босқинчилик қилиш эмас, босқинчилардан Ватанни ҳимоя қилиш, туркий халқлар бирлигига эришиш мақсади ётади, айни дамда бу муаллифнинг асарга сингдирган бадиий ғояси эканлигини ҳам англаш мушкул бўлмайди.

Асардаги эътиборли жиҳатлардан яна бири, Отабек Элденгизнинг дўсти Қўрд Бўз образидир. Қурд Бўз Элденгизнинг бекларидан бўлиши билан бирга, асарда садоқат рамзи сифатида ҳам кўринади. У дўстининг ҳар бир ҳаракатидан сергак. "Отабек дастурхонга кўз югуртирди. Эсига қуллик пайтида нон билан чакки излаб юрганлари тушди. Қўлидаги бир бурда нонни чакки турган идишга чўзди... Чаккини жуда соғингандим. Ганжада чаккини жуда боплашади деб эшитгандим. Текшириб кўрай дедим.

Дастурхон бошида кулишиб олдилар. Фақат қулликнинг азобу машаққатларини кўриб катта бўлган Қурд Бўз Отабекнинг нимани назарда тутганини англаб турарди".(102 б) Инсон ким бўлишидан қатъий назар ўз ўтмишини унутмаслиги керак. Келтирилган иқтибосдан зийрак ўқувчи шуни сезадики, комил инсон учун керак бўлган характер хусусиятларни адиб турли детал ва образларга сингдиради. Салтанат соҳиби бўлган инсоннинг чаккини соғиниши, унинг болалиги, ўзлигини соғинишига ишора эди.

Асарнинг бир неча ўрнида илм-маърифатнинг қудрати ҳақида сўз боради. Бош Даданинг Низомий Ганжавий билан бўлган суҳбати ҳам ўқувчи диққатини тортади. Низомий туркий дунёда ўзининг "Хамса" асари билан довруғ таратган. Аммо Бош Даданинг бундан кўнгли тўлмайди. Чунки бу асар форсий тилда битилган. Ёзувчининг ТИЛ фалсафаси ҳақидаги бадиий-эстетик қарашлари мана шу ўринда очиқ кўринади. "Сен ота-боболаримиз тилида ёзмайсан. Сенга неча марта айтдим. Онанг сенга туркий тилда алла айтмаганмиди?" "Буларнинг ҳаммаси яхши, лекин туркий тилнинг шеърий нафосатини англамоқчи бўлсанг, Дада Қўрқутни ўқи, ўрган. У китоб мисоли денгиз, тилнинг софлигини асрайди. Мана бу мисрларани эшит:

Келинга айрон демадим мен - Дада Қўрқут,

Айронга ҳайрон демадим, мен - Дада Қўрқут,

Игнани тикон демадим, мен - Дада Қўрқут,

Тиканни макон демадим, мен - Дада Қўрқут." (169 б.)

Англашиладики, Бош Даданинг таъбирича, инсонни инсон, миллатни миллат қиладиган асосий восита бу унинг Она тилидир. Ва айни дамда бу муаллиф қарашлари билан уйғунлашади.

"Отабек Элденгиз" тарихий роман бўлиши билан бирга, унда энциклопедик, фалсафий-маърифий асарларга хос хусусиятлар ҳам мужассам.  Шамсиддин Элденгизнинг шаҳзода Арслоншоҳнинг мамлакат султони даражасига кўтарилгунгача бўлган даврдаги тарихий воқелик катта бир ҳаёт фалсафаси асосига қурилган.  Бу даврда Элденгиз гоҳ оддий қул, гоҳ бош ошпаз, гоҳ, саркарда, гоҳ отабек,  гоҳ салтанат соҳиби бўлиб тасвирланади. Энг муҳими у инсон. Ундаги инсоний туйғуларининг мужассамлигини кўрсатиш учун адиб Бош Дада, Мўмина Хотун, Қурд Бўз образларидан фойдаланган бўлса, уни такомиллаштириш учун Қуръони Карим, туркий халқларнинг ёзма ёдгорликларидан ўринли фойдаланади.

"Тарих такрорланиш хусусиятига эга. Ўша даврлардаги воқеалар бугун ҳам такрорланмоқда. Албатта, мен бу шахсларни тасвирлашга уриниб кўрдим", - дейди адиб.  Романнинг яратилишида ёзувчининг тасвир ва тасаввурлари айнан уйғун келган. Шамсиддин Элденгиз образи орқали ўзи истаган туркий қаҳрамонни ярата олган. Ёзувчи бу асарда миллий давлатчилик ғоясини барча қаҳрамонлари руҳиятига сингдириб юборган. 

Тарихий мавзудаги  асарнинг асосий мақсади тарихий ҳақиқатни айнан сўзлаб берилишида эмас, унинг қандай талқин қилиниши ва ўтмишдаги воқелик бугун қандай аҳамиятга эга эканлиги билан белгиланади. Ижодкорнинг ўтмишга муносабати ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Унинг тарихий манбаларни ўқиши, ўрганиши, ўтмишнинг макон ва замон манзараларини чуқур ҳис қилиши, англаши, идрок этиши туфайли юзага келади. Адиб асардаги тарихий ҳодисаларни ўз фантазияси билан тўлдириб, муайян ғоявий мақсадга бўйсундирган, натижада унинг қаҳрамонлари кўз ўнгимизда тирик одамдай гавдаланади. Айниқса, Ҳасан Саббоҳ асос солган ҳашшошийлар тарафдорларининг ҳам бугунга қадар турли кўринишларда, ўзларини жаннатга давогар сифатида кўрсатиб, мусулмонлар ўртасида ўзаро урушларни келтириб чиқараётганлиги ёзувчининг ўтмиш ва бугунни мантиқан боғлай олиш маҳоратидир. Асар нафақат Озарбайжон, балки барча туркий халқлар тарихидан хабар берувчи манба эканлиги билан ҳам қимматлидир.

Бадиий  асарнинг бир тилдан иккинчи тилга таржима қилиниш таржимондан катта маҳорат талаб қилади. Унинг сўз бойлиги, тафаккур қуввати  аслиятдаги каби бўлса бу асар узоқ умр кўради. Асарнинг ўзбек тилига таржимасида мана шу жиҳатдан бироз кемтиклик сезилади.   Чунки баъзи ўринларда хронологиянинг бузилиш, такрорлар учраб туради.  Аммо бу муҳташам асарнинг қийматига путур етказмайди.

Təklifinizi, şikayətinizi bizə yazın. Sizi dinlərik. 055 634 88 31